Европа Марказий банки иқлим сиёсати масалаларига аралашади

Европа Марказий банки (ЕМБ) иқлим сиёсати билан шуғулланадиган махсус марказни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилганлигини эълон қилди.

Хабар қилинишича, тузилмани яратишнинг асосий мақсади банкнинг турли бўлинмаларининг иқлим сиёсати соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш бўлади. Бу ҳақда молиявий ташкилотнинг душанба куни ўз веб-сайтида чоп этилган пресс-релизида айтилмоқда.

«Иқлим ўзгариши бизнинг сиёсатимизнинг барча соҳаларига таъсир қилади», деди ЕМБ президенти Кристин Лагард. «Иқлим ўзгариши маркази бу муаммони тез ва қатъий ҳал қилишимиз керак бўлган тузилма», дея қўшимча қилди у. Пресс-релизга кўра, янги блок ЕМБ иқлим кун тартибини шакллантиради ва бошқаради, аллақачон иқлим ўзгариши муаммолари устида ишлаётган мутахассисларнинг тажрибасидан фойдаланади.

Марказда бошқа банк ходимлари билан биргаликда ишлайдиган 10 га яқин ходим бўлиши кутилмоқда. У регуляторнинг иқлим ўзгариши ва барқарор молиялаштириш соҳасидаги фаолиятини назорат қилувчи ЕМБ раҳбарига ҳисобот беради. Янги тузилма 2021 йил бошида иш бошлаши кутилмоқда. Бундай марказни ташкил этиш тўғрисидаги қарор, пресс-релизга кўра, «иқлим ўзгариши ЕМБ иқтисодиёти ва сиёсати учун тобора ортиб бораётган аҳамиятини, шунингдек, стратегик режалаштириш ва мувофиқлаштиришга янада тизимли ёндашув зарурлигини акс эттиради».

Ўз навбатида, италиялик иқтисодчи, Европа Марказий банки ижроия қўмитаси аъзоси Фабио Панетта ЕМБ иқтисодий таҳлил ва сиёсатни амалга оширишда иқлим ўзгариши оқибатларини ҳисобга олиши кераклигини таъкидлади. «Иқлим ўзгариши натижасида юзага келадиган молиявий хатарларни қатъий услубиятларга асосланган ҳолда таҳлил қилиш орқали ЕМБ уларни аниқ баҳолашга ҳисса қўшиши мумкин», — дея хулоса қилди у.