Европарламент Россияни терроризм ҳомийси деб тан олиш ҳақидаги резолюция матнини келишиб олди

Европарламентдаги сиёсий гуруҳлар Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш ҳақидаги резолюция матни бўйича келишиб олди ва келаси ҳафтада овозга қўйилиши режалаштирилган.

Бу ҳақда Европарламент депутатиАндриус Кубилюс маълум қилди.

«АП сиёсий гуруҳлари ўртасидаги тўрт соатлик музокаралардан сўнг (резолюция) матни бўйича келишувга эришилди», — деб ёзди у Twitter да.

Европарламент депутатининг сўзларига кўра, резолюция қуйидаги сатрдан иборат бўлади: «Европа парламенти… Россияни терроризм ҳомийси ва террорчилик воситаларидан фойдаланадиган давлат сифатида тан олади».

Резолюция Европарламентда 21-24 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган сессияда муҳокама қилиниши ва овозга қўйилиши кутилмоқда.

13 октябр куни Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси бир овоздан Россия Федерациясини террорчи режим деб атаган резолюцияни қабул қилди.

ПАCЕ Россияни террорчи давлат сифатида тан олган биринчи халқаро ташкилотга айланди.

Бир қатор Европа давлатларининг парламентлари, жумладан, Польша Сенати ва Чехия Республикаси Депутатлар палатаси Россия Федерацияси ҳукуматини террорчи режим деб тан олишга қарор қилди.