Франция йулларида ҳайдовчисиз автобус пайдо бўлди

Франция Европадаги биринчи давлат бўлиб, жамоат йулларида ҳайдовчисиз автобусдан фойдаланишга рухсат берди.

Франциянинг EasyMile компанияси йуловчиларни умумий фойдаланишдаги йулларда ҳайдовчисиз ташиш учун биринчи рухсатномани олди. Шу тариқа Франция Европада дронларнинг оператор иштирокисиз ишлашига рухсат берган биринчи давлат бўлди, деб хабар беради CVBJ.

Биринчи EasyMile EZ10 автобуси бўлиб, ундан олдин барча автоном автомобилларда барча жараёнларни бошқариш учун ҳайдовчи бўлиши талаб қилинган. EasyMile EZ10 автоном микроавтобуси дунёнинг 400 дан ортиқ жойларида, жумладан Мадрид университети кампусида синовдан ўтказилди. Аммо ҳозиргача бу синовлар шахсий ҳудудларда ёки қатъий назорат остидаги, транспорт кам бўлган ҳудудларда ўтказилди.

Декабр ойи бошида EasyMile EZ10 Франциянинг Тулуза шаҳридаги Oncopole тиббиёт кампуси атрофида талабаларни ташишни бошлади. У бўйлаб бошқа автомобиллар, мототсикллар, электр скутерлар ва пиёдалар эркин ҳаракатланиши мумкин. EasyMile EZ10 автоном микроавтобуси ҳайдовчисиз максимал 40 км/соат тезликда ишлайди.

Микроавтобус 12 кишини ташишга мўлжалланган. У лидар, GPS-трекер, масофа ўлчагич, камералар ва датчиклар билан жиҳозланган бўлиб, улар атрофида содир бўлаётган ҳамма нарсанинг уч ўлчамли тасвирини яратади. Автобус тўсиқни кўрганда ёки кутилмаган ҳодисага дуч келганда нима қилиш кераклигини автомобилнинг дастурий таъминоти автоматик тарзда белгилайди.

Бугунги кунда EasyMile EZ10 4-даражали автопилот билан жиҳозланган. Автобус олдиндан белгиланган маршрут бўйлаб мустақил ҳаракатлана олади.

Эслатиб ўтамиз, 2017-йилда Парижда тажриба тариқасида электр моторли иккита ҳайдовчисиз автобус йулга қўйилган эди.

2019-йилда эса Японияда ҳайдовчисиз режалаштирилган автобус йулга қўйилди. Бироқ маршрут бор-йуғи 900 метр узунликда бўлган ва максимал тезлик соатига 20 километр билан чекланган.