Франция шаҳарларида 24-апрел, якшанба куни кечқурун амалдаги давлат раҳбари Эммануэль Макрон ғалаба қозонган президентлик сайловлари натижаларига қарши норозилик намойишлари бошланди. Бу ҳақда Reuters ёзмоқда.
Нашрнинг ёзишича, Париж, Ренн, Лион, Тулуза ва Нант каби шаҳарларда юзлаб намойишчилар кўчаларга чиққан. Улар Макронга ҳам, унинг иккинчи турдаги рақиби Марин Ле Пеннинг Миллий иттифоқ партисидан номзодига қарши шиорлар айтишмоқда.
Айни вақтда Франция пойтахтида намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди, бунга муносабат билан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Баъзи фаоллар полиция билан тўқнашган.
Францияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичидан сўнг 100 фоиз овозлар қайта ишланди ва Эммануэль Макрон иккинчи марта Франция президенти этиб сайлангани маълум бўлди.
Сайловчиларнинг 58,54 фоизи мамлакатнинг амалдаги раҳбарига, 41,46 фоизи Марин Ле Пенга овоз берди, деб хабар берди Франция Ички ишлар вазирлиги.
Украина давлатидаги қарама-қаршилик «Франция овозини баланд кўтариши кераклигини эслатади», деди Макрон Парижда Эйфель минораси яқинида тарафдорларига мурожаат қилиб.
Жо Байден ҳам Макронни сайловдаги ғалабаси билан табриклаб, Украинани қўллаб-қувватлаш зарурлигини тилга олди.
«Бизнинг яқин ҳамкорлигимиз давом этишини, жумладан, Украинани қўллаб-қувватлаш, демократияни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашишни интиқлик билан кутаман», деб ёзган АҚШ президенти.