Германия мудофаа вазири Украина Изюмидаги фожиага муносабат билдирди

Германия Мудофаа вазири Кристин Ламбрехт Украина армияси томонидан Россия Қуролли кучлари ишғолидан озод қилинган Харков вилоятининг Изюм шаҳрида оммавий қабрлар, жумладан, тинч аҳоли ҳам борлиги ҳақидаги хабарлар ортидан эҳтимолий ҳарбий жиноятларни тергов қилишга чақирди.

Германия мудофаа департаменти раҳбари 17-сентабр, шанба куни чоп этилган Funke медиа гуруҳига берган интервюсида БМТнинг тергов фаолиятига қўшилишни мақсадга мувофиқ деб билишини айтди.

«Бу даҳшатли жиноятлар тергов қилиниши керак — идеал ҳолда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кучлари билан», деди Германиянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси вакили Ламбрехт.

Далиллар хавфсизлигини таъминлаш учун имкон қадар тезроқ жаҳон ташкилотига тақдим этилишига имкони берилиши керак, деди вазир.

«Уруш жиноятлари учун жавобгарлар жавобгарликка тортилиши керак», деб хулоса қилди Ламбрехт.

Эслатиб ўтамиз, 16-сентабр куни Изюмда рус босқинчилари томонидан ўлдирилган одамларнинг жасадларини кўздан кечиришга киришган эди. Ҳозиргача қабрлардан 59 кишининг жасади топилган.