Германия Украинага ўзиюрар гаубицаларни етказиб беришдаги кечикиш сабабини айтди

Германия федерал ҳукумати Гепард ўзиюрар зенит қуроллари учун мос ўқ-дориларни ололмагани сабабли Украинага етказиб бериш тўхтаб қолди.

Қайд этилишича, Германия расмийлари 26 апрел куни биринчи марта Украинага оғир қуроллар – Гепард танкларини етказиб бериш ниятида эканликларини маълум қилган. Шу билан бирга, Украинага бундай ўзиюрар зенит қуролларини етказиб бериш Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехт бу ҳақда эълон қилганидан кейин 8 кун ўтиб тўхтаб қолди.

Хабар қилинишича, Олаф Шольц ҳукумати феврал ойининг охиридан бери ушбу ўзиюрар зенит қуроллари учун ўқ-дорилар етишмаслигидан хабардор бўлиб, дастлаб етказиб беришни рад этган.

Аммо Россиянинг Украинага қарши урушининг 2-кунида Krauss-Maffei Wegmann (KMW) қурол-яроғ компанияси «нисбатан тез» фойдаланишга топширилиши мумкин бўлган Гепардларни омбордан етказиб беришини эълон қилди.

Қайд этилишича, 35 миллиметрли қуроллар учун асл снарядлар Германиянинг Rheinmetall гуруҳига кирувчи Швейцариянинг Oerlikon компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Бироқ Швейцария уруш зоналарига қурол экспорт қилишдан бош тортмоқда.

Нашрнинг ёзишича, шундан сўнг Германия ҳукумати жаҳон бозорида мос ўқ-дориларни излашга қарор қилган. Журналистларнинг сўзларига кўра, етказиб бериш режалаштирилган 30 та зенит қуроллари учун ҳали ҳам 23 минг заряд мавжуд — бу фақат ярим соатлик иш учун етарли.

Шунингдек, Берлиннинг Украинага етказиб бериш учун юзлаб Мардер пиёда аскарлари жанговар машиналари, Леопард-1 танклари, KMWдан юзлаб гаубицаларни экспорт қилишга рухсат бериш ҳақидаги аризалари ҳали маъқулланмагани маълум қилинган.