Грецияда кенг кўламли ўрмон ёнғинлари туфайли юзлаб одамлар эвакуация қилинди

Грецияда, Афинадан унчалик узоқ бўлмаган Пентели тоғли ҳудудида кучли ўрмон ёнғини туфайли тўрт туман ва маҳаллий касалхоналардан камида 600 киши эвакуация қилинди. Бу ҳақда Protothema нашри хабар бермоқда.

Ёнғин 19-июл, сешанба куни тушдан кейин Афина марказидан тахминан 27 км шимолда жойлашган Пентели тоғида содир бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, тунда алангани тахминан 50 км узоқликдаги Эвия оролидан кўриш мумкин эди.

420 га яқин ўт ўчирувчи 85 та техника кўмагида кечгача бир неча йўналишда аланга ўчиришга ҳаракат қилди. Тезлиги 80 км/соатга етган кучли шамол туфайли ўчириш ишлари мураккаблашди.

24 вертолёт ва самолёт аланга устига сув ташлаган, бироқ хавфсизлик нуқтаи назаридан тунда ишни тўхтатишга мажбур бўлган.

Расмийлар тўртта туманни эвакуация қилишни буюрди: Драфи, Антҳоуса, Диони ва Дасамари. Шунингдек, улар бошқа ҳудудлардаги аҳолига эвакуацияга тайёрланишни маслаҳат беришди.

Бир касалхона ва Афина миллий обсерваторияси ҳам еҳтиёт чораси сифатида эвакуация қилинди. Пентели шаҳрига олиб борувчи йўлларда транспорт ҳаракати тўхтатилди.