Грузияга денгиз амалиётида НАТОнинг оператив ҳамкори мақоми берилди

Шимолий Атлантика кенгаши Грузияга денгиз қўриқчиси операциясида оператив шерик мақомини бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилди. Бу ҳақда 16-июл, шанба куни Грузия ички ишлар вазирлигида маълум қилинди.

Грузия Ички ишлар вазирлиги чегара политсиясининг Соҳил қўриқлаш тактик бўлинмалари НАТОни тўрт даражали баҳолашни муваффақиятли якунлаганидан сўнг алянс ижобий қарор қабул қилгани қайд этилди.

НАТОнинг денгиз хавфсизлиги бўйича “MSO SEA GUARDIAN” операцияси 2016-йил ноябр ойида бошланган ва 2001-2016 йилларда НАТОнинг 5-моддасига мувофиқ фаолият юритган “Фаол ҳаракатлар” (Operation Active Endeavor) денгиз операцияси ўрнини эгаллаган.

SEA GUARDIAN операцияси Иттифоқчи денгиз кучларининг Ўрта эр денгизини қамраб олган ягона операциясидир. Операциянинг асосий мақсади денгиз хавфсизлигини таъминлаш ва таҳдидларга ўз вақтида жавоб беришдир. Ушбу операция денгиздаги ҳар қандай террорчилик ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган.

2016-йилда Грузия Ички ишлар вазирлиги чегара полициясининг Соҳил қўриқлаш бошқармасининг борт-тактик гуруҳлари НАТО кучларига қўшилишини расман эълон қилди, шундан сўнг кўрсатилган гуруҳларни НАТО томонидан ўрнатилган баҳолаш стандартларига мувофиқ ўқитиш бошланди. Тактик гуруҳлар томонидан НАТОнинг тўрт йиллик баҳолаш дастури муваффақиятли якунланганидан сўнг Шимолий Атлантика кенгаши Грузияни денгиз қўриқчиси операциясида оператив ҳамкор сифатида тан олди.