GSP+ миссияси расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди

24—31-март кунлари Европа Иттифоқининг бир гуруҳ юқори мартабали вакиллари Ўзбекистонда барқарор ривожланиш ва самарали бошқарувни рағбатлантириш бўйича махсус механизм – Европа Иттифоқининг Умумлаштирилган халқаро конвенциялари доирасида (GSP+) қўлланиладиган 27 та халқаро конвенциянинг Ўзбекистон томонидан бажарилишини мониторинг қилиш мақсадида Ўзбекистонда бўлди.

Ушбу конвентсиялар инсон ва меҳнат ҳуқуқлари, атроф-муҳит ва иқлим, яхши бошқарув, шу жумладан корруптсияни қамраб олади. GSP+ схемасига қўшилиш орқали Ўзбекистон уларни тўлиқ амалга ошириш мажбуриятини олди. Бу Ўзбекистонга 2021-йил 10-апрелда GSP+ дан фойдаланиш ҳуқуқи берилганидан бери мамлакатдаги биринчи мониторинг миссиясидир.

Ҳафталик давомида Савдо бош бошқармаси, Бандлик, ижтимоий масалалар ва инклюзивлик бош бошқармаси ва Европа ташқи ҳаракатлар хизмати вакиллари ҳукумат, фуқаролик жамияти, шу жумладан инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек Касаба уюшмалари федерацияси вакиллари, корхоналар, иш берувчилар уюшмалари конфедерацияси, Савдо-саноат палатаси ва Омбудсман билан учрашувлар ўтказдилар. Шунингдек, БМТ агентликлари, халқаро ҳамкорлар ва Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг элчилари билан фикр алмашилди. Расмийлар Фарғона водийсига ташриф буюриб, маҳаллий тадбиркорлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва ҳокимият вакиллари билан учрашиб, пахта ва тўқимачилик соҳалари ҳамда аёллар ҳуқуқларига эътибор қаратди.

GSP+ мониторинг миссияси 2022-йил 29-мартда бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича қуйи қўмитасининг йиллик таркибий йиғилишига тўғри келди.

Мониторинг миссияси инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги, меҳнат ҳуқуқлари ва атроф-муҳитга оид масалаларни кўриб чиқди. Фуқаролик жамияти майдони, уюшмалар эркинлиги, сўз эркинлиги, суд ҳокимияти мустақиллиги, коррупция, оиладаги зўравонлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари лойиҳаси, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун, Меҳнат ва Жиноят кодексларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва касаба уюшмаларини рўйхатга олиш, камситишларга барҳам бериш каби масалалар кўтарилди. Мутасаддилар ижобий қадамлар қаторида пахта йиғим-теримида мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш борасида эришилган салмоқли ютуқларни олқишлади.

Европа Иттифоқи элчиси Шарлотта Адриан шундай деди: “Халқаро мажбуриятларни самарали бажариш Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи бозорига имтиёзли киришининг асосидир. Ушбу биринчи кузатув миссияси Ўзбекистоннинг бу борадаги мажбуриятини яна бир бор тасдиқлади ва ташвишли масалаларни атрофлича муҳокама қилиш имконини берди. Мониторинг ва Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик шу йил охирида Европа парламенти ва Вазирлар кенгашига тақдим этиладиган ҳисобот мавзуси бўлади”.