Хитой АҚШни Пелосининг Тайванга ташрифига «жавоб» билан таҳдид қилмоқда

Расмий Пекин АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг ташрифига жавобан «ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришига» ишонч билдирди. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлигида маълум қилинди, деб хабар беради «Синхуа» маҳаллий нашри 2-август, сешанба куни.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Пелосининг ташрифини «Ягона Хитой тамойилини жиддий бузиш» деб атади ва улар буни «Хитой суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини жиддий равишда бузади, Тайван бўғозидаги тинчлик ва барқарорликка путур етказади ва Тайваннинг мустақиллик бўлгинчи кучларига қўпол нотўғри хабар юборади» деб ҳисоблайди.

«Хитой бунга кескин қаршилик қилади ва кескин қоралайди ҳамда АҚШга қарши жиддий демарш ва кескин норозилик билдирди», — дейилади баёнотда.

Хитой идорасининг таъкидлашича, Тайван «Хитой ҳудудининг ажралмас қисмидир ва Хитой Халқ Республикаси ҳукумати бутун Хитойни ифодаловчи ягона қонуний ҳукуматдир».

«Хитой АҚШ спикерининг ташрифига жавобан ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни сўзсиз кўради. Бундан келиб чиқадиган барча оқибатларни Қўшма Штатлар ва Тайван мустақиллигининг сепаратистик кучлари ўз зиммаларига олишлари керак», – деб хулоса қилди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги.

Бугунги Тайван ўз конституцияси, армияси ва ҳукуматига эга. Ҳозирда уни ўн тўртта кичик штат тан олган. Хитой оролни ўзининг провинсияси деб билади. Тайванлик сиёсатчиларнинг орол мустақиллигини эълон қилиш таклифига Пекин уруш бошлаш таҳдиди билан жавоб беради.