Хитой элчиси Афғонистондаги 200 оилага инсонпарварлик ёрдами жўнатилганини маълум қилди

Афғонистон шимолида жабрланган 200 оилага Хитойдан иссиқ кийим ва озиқ-овқат кўринишидаги инсонпарварлик ёрдами етказилди.

Бу ҳақда Хитойнинг Афғонистондаги элчиси Ван Ю жума куни Твиттерда маълум қилди.

«Афғонистоннинг шимоли-шарқидаги Қундуз вилоятида Хитойдан келаётган инсонпарварлик ёрдами тарқатила бошланди. Бир кун аввал 200 нафар ночор оилага озиқ-овқат пакетлари, кўрпа-тўшак ва иссиқ кийим топширилди», — дейилади хабарда.

Хитой яқинда Афғонистонга озиқ-овқат, COVID-19 вакциналари ва қишки кийим-кечак каби инсонпарварлик ёрдами жўнатган.

Бир кун аввал Афғонистонни босиб олган “Толибон” (Россияда тақиқланган террорчилик ташкилоти) томонидан тайинланган Покистондаги ҳаракатнинг вақтинчалик ишлар вакили Сардор Аҳмад Шакиб Хитойнинг Покистондаги элчиси Нонг Ронг билан учрашувда Хитойдан гуманитар ёрдамни кўпайтиришни сўраган эди.

Элчихона, шунингдек, ўтган пайшанба куни Карачи шаҳридаги бир қанча савдогарлар Афғонистон Бош консуллигига 85 тонна гуманитар ёрдам – озиқ-овқат ва бошқа зарур посилкаларни топширганини, улар Афғонистонга етиб келгач, муҳтож оилаларга тарқатилишини маълум қилди.

“Афғонистон элчихонаси ўз халқи номидан Карачилик ишбилармонларга инсонпарварлик ёрдами ва Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашдаги қимматли саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди”, — дейилади хабарда.