Хитой Тайван атрофидаги машқларни якунлади

Хитой АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайпейга ташрифига жавобан Тайван атрофида тўрт кунлик ҳарбий машғулотларни якунлади. Бу ҳақда 7 август куни The Guardian газетаси хабар берди.

Қайд этилишича, маневрлар режалаштирилган тугашига бир неча соат қолганда Хитой ва Тайван ҳарбий кемалари бир-бирини «кузатиб» келган.

Якшанба куни Хитой ва Тайваннинг ўнга яқин ҳарбий кемалари Тайван бўғозида бирлашди, баъзи Хитой кемалари ўрта чизиқни кесиб ўтди, норасмий буфер зонаси икки томонни ажратиб туради.

Хитой қўшинлари чизиқни «босган» пайтда, Тайван томони томоша қилиш ва иложи бўлса, хитойликларнинг чегарани кесиб ўтишига йўл қўймаслик учун яқин жойда қолди.

Тайван Мудофаа вазирлиги 7 август куни Хитой ҳарбий-ҳаво кучларининг 66 та самолёти ва 14 та Хитой ҳарбий кемаси орол атрофида маневр қилаётганини аниқлади.

Хитой армиясининг таъкидлашича, машғулотлар узоқ масофали ҳаво ва қуруқликдан зарбалар беришни машқ қилишга қаратилган. Бундан ташқари, Хитой ОАВлари эндиликда ҳарбийлар Тайван бўғозида «мунтазам» машғулотлар ўтказиши ҳақида хабар бериб, оролни Хитой билан «қайта бирлаштириш бўйича тарихий мақсад» амалга ошиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикерининг Тайванга сафари Хитойнинг салбий муносабатига сабаб бўлган эди.