Пекин бу қадамни АҚШ президенти Джо Байден ва Хитой етакчиси Си Цзиньпин ўртасидаги суҳбатдан сўнг қабул қилди, деб ёзади Sky News.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Қизил Хоч ташкилоти Украинага қўшимча 10 миллион юан (1,5 миллион доллардан ортиқ) гуманитар ёрдам беришини айтди. Бу ҳақда 21 март куни Sky News телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, Хитой АҚШ президенти Джо Байден Пекинни Украинадаги ҳарбий амалиётлар доирасида Россияга кўрсатилаётган ҳар қандай ёрдамнинг “оқибати” ҳақида огоҳлантирганидан кейин бу қадамга борди.
Бу Хитой раҳбари Си Цзиньпинни Ғарб билан узоқ йиллик фойдали савдо муносабатлари ва Москва билан ўсиб бораётган стратегик ҳамкорлик ўртасида танлов қилишга мажбур қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 18-март куни Байден Си Цзиньпин билан деярли икки соатлик видеомулоқотда бўлиб, унда мамлакатлар етакчилари Украинадаги вазиятни муҳокама қилган эди.