Хорватиялик муҳожирларга ватанга қайтиши учун 26 минг евро ваъда қилинди

Аҳоли сонининг қисқариши туфайли Хорватия ҳукумати хорватлик муҳожирларни мамлакатга қайтариш ниятида.

Хорватия ҳукумати муҳожирларга мамлакатга қайтиши учун 26 минг евро тўламоқчи, деб хабар бермоқда The Epoch Times.

Дастур Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига кўчиб кетган хорватлар учун мўлжалланган. Агар улар қайтиб, бизнес ташкил қилсалар, бу миқдорни олишади.

Расмийлар аҳоли сонининг камайиб бораётгани ва унинг қариши муносабати билан шундай қадамлар ташламоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2013-йилда Европа Иттифоқига қўшилганидан бери 230 мингдан ортиқ одам мамлакатни тарк этган. Ҳукумат 4000-4500 муҳожирни мамлакатга қайтаришга умид қилмоқда. Дастур 1 январдан бошланади.

Қайд этилишича, ўн йил аввал Хорватияда 4,2 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилган. 2022 йил бошида янги аҳолини рўйхатга олиш натижалари тақдим этилиши керак. Мутахассислар аҳоли сони деярли 10% га қисқаришини тахмин қилмоқда.