Ирландия россияликларнинг 1,7 миллиард евролик активларини музлатиб қўйди

Европа Иттифоқининг Россия Федерациясига Украинага бостириб кириши учун жорий қилган санкцияларига кўра, Ирландия ҳукумати россиялик жисмоний ва юридик шахсларнинг 1,72 миллиард евро миқдоридаги маблағларини блоклаб қўйди.

Бу ҳақда 21-июн, сешанба куни Irish Times газетаси мамлакат ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар берди.

«Ушбу сумманинг катта улушини турли банк муассасалари ва фондларидаги молиявий активлар ташкил этади. Гап хусусий самолётлар, яхталар ва озроқ даражада ҳашаматли кўчмас мулкларнинг ҳибсга олиниши ҳақида ҳам кетмоқда», — дейилади материалда.

Қайд этилишича, Ирландия Марказий банки бир қатор бизнес ташкилотларига молиявий санкцияларни назорат қилишдаги ўрни ва ҳар бир ирландияликнинг ЕИ тақиқларига риоя қилиш масъулиятини эслатувчи хатлар юборган.

Миллий банк санкцияларга риоя қилмаслик фактини яшириш жиноий жавобгарлик эканлигини эслатди.

Эслатиб ўтамиз, апрел ойида Ирландия Транспорт вазирлиги мамлакатнинг барча портлари ва бандаргоҳлари учун Россияда рўйхатдан ўтган кемаларнинг киришини тақиқлаш бўйича кўрсатма берган эди.