Ирландияда украиналик қочқинлар ҳарбий лагерга жойлаштирилади

Ирландия ҳукумати Украинадан келаётган қочқинларни жойлаштириш учун жой етарли эмаслигини тан олди. Украиналиклар учун уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун Ирландия ҳукумати Горманстон ҳарбий лагерини ушбу эҳтиёжлар учун беришга қарор қилди. Бу ҳақда 14-июл, пайшанба куни RTE хабар беради.

Ирландия Бош вазири Мишол Мартиннинг айтишича, мамлакатга мисли кўрилмаган миқдорда қочқинлар келган.

«Украинадан қарийб 41 минг шундай киши бор, уларнинг 30 мингга яқини уй-жой билан таъминланган», — деди у.

Келганларни жойлаштириш учун Ирландиянинг шимоли-шарқий соҳилидаги Горманстон ҳарбий лагерида «вақтинчалик турар жой» ташкил этилмоқда. Аввалига лагер 150-200 кишини қабул қилади, шундан кейин яна 320 нафар қочқин у ерга жойлаштирилади.

Нашрнинг эслатишича, Ирландия Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан кейин биринчилардан бўлиб украиналиклар учун чегараларни очган ва виза режимини бекор қилган.

«Ирландия ҳукумати ҳозирча украиналик қочқинлар учун чегарани ёпиш ниятида эмас», — дейилади хабарда.

Айни пайтда Ирландияга қочқинлар оқими яна кучайган. Мамлакатга самолётда келган украиналиклар Дублин аэропортида қолишга мажбур. Эски терминал биноси уларнинг вақтинча яшаши учун ўзгартирилган, аммо кўнгиллиларнинг сўзларига кўра, баъзилари аэропорт полида ухлашга мажбур.