Ишғол қилинган ҳудудларда Россия Федерациясига қўшилишни истаганлар кам

Июл ойида рус босқинчилари Херсон ва Запороже вилоятларининг босиб олинган ҳудудларида Россия билан «қўшилиш» тўғрисида сўров ўтказдилар.

Бу фикрни фақат 30% қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда 5-август, жума куни Кремлга яқин манбаларига таяниб, Россиянинг Медуза нашри хабар берди.

ОАВ россиялик тарғиботчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижа бермаётгани ва Россиянинг вақтинча босиб олинган ҳудудларда қўллаб-қувватлови кучсизлиги ҳақида ёзмоқда.

«ПД (Президент девони – таҳр.)га яқин бўлган икки суҳбатдош… июл ўрталарида босиб олинган Запороже ва Херсон вилоятлари ҳудудларида маҳаллий аҳолининг Россияга қўшилиш истаги бор-йўқлиги ҳақида ёпиқ социологик сўров ўтказилганини айтди. Унинг натижаларига кўра, тахминан 30% қўшилиш тарафдори бўлган, худди шу рақам (босқинчилик шароитида) минтақаларни Украина таркибида сақлаб қолиш тарафдори бўлган, қолганлари эса «жавоб беришга қийналган».

Кремлнинг фикрича, бундай паст кўрсаткичларга қарамай, «референдумлар керакли даражада ўтказилади».

Бундан ташқари, манбаларнинг айтишича, 11 сентябр референдум ўтказиладиган сана сифатида шартли белгиланган. Буни бошқа кунга кочирилиши мумкин.