ИШИДга қарши халқаро коалиция Ироқдаги жанговар миссияларини якунлади

ИШИД гуруҳига қарши халқаро коалиция кучлари жанговар миссиясини якунлаб, Ироқни расман тарк этмоқда.

Бу ҳақда пайшанба куни Ироқ ҳукуматининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Қосим ал-Аражи маълум қилди.

“Халқаро коалиция билан ўтган йили бошланган музокараларнинг сўнгги босқичи ўз ниҳоясига етди… коалиция кучларининг жанговар миссиялари якунланди ва улар Ироқни расман тарк этмоқда”, — деди у ўзининг Твиттер-даги саҳифасида.

Маслаҳатчининг сўзларига кўра, халқаро коалиция билан ҳамкорлик машғʻулотлар, маслаҳатлашувлар ва жанговар салоҳиятни мустаҳкамлаш форматида давом этади.

Апрел ойида Қўшма Штатлар ва халқаро коалиция кучлари ўз ҳарбийларини Ироқдан олиб чиқиб кетишга келишиб олди, бироқ бу операцияни ўтказиш вақти ўшанда эълон қилинмаган эди.

Ироқда қолган Америка қоʻшинларини олиб чиқиш бўйича музокаралар 2020-йил июн ойида, Вашингтонда АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп маʼмурияти ҳокимият тепасида турган пайтда бошланган.

Айни пайтда Ироқда жойлашган коалиция кучлари маҳаллий қуролли кучлар томонидан бир неча бор ҳужумга учраган.