Янги Зеландия келаси йили эмланган сайёҳлар учун чегараларини очади

2022-йилда Янги Зеландия ҳукумати коронавирус инфекциясига қарши тўлиқ эмланган сайёҳларнинг мамлакатга киришига рухсат беради.

Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.

COVID-19га қарши кураш вазири Крис Хипкинс 22-ноябр куни чегараларни очиш бўйича босқичма-босқич режани баён қилди.

Биринчи босқичда тўлиқ эмланган Янги Зеландия фуқаролари ва ҳозирда Австралияда яшовчиларга 16 январдан бошлаб қайтишга рухсат берилади.

Бошқа барча мамлакатларда бўлган Янги Зеландияликлар учун чегаралар 13 февралдан очилади.

Тўлиқ эмланган хорижлик сайёҳлар 2022-йил 30-апрелдан бошлаб мамлакатга киришлари мумкин бўлади, бироқ етти кунлик ўзини-ўзи изоляция қилишдан ўтишлари шарт.

ЖССТ маълумотларига кўра, 23-ноябр ҳолатига кўра, Янги Зеландияда 10 025 киши коронавирус билан касалланган, 40 киши вафот этган.

Октябр ойида Янги Зеландия тиббиёт ходимлари учун мажбурий эмлашни жорий қилди. 14-ноябрдан бошлаб мамлакатда коронавирус чекловлари юмшатилган.