Япония Россияга кимёвий қурол билан боғлиқ маҳсулотларни экспорт қилишни тақиқлади

Япония Украинага бостириб кириши муносабати билан Россия Федерациясига қарши санкцияларни кучайтирди, кимёвий қурол билан боғлиқ товарларни Россияга экспорт қилишни тақиқлади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Хироказу Мацуно маълум қилди, дея хабар беради Reuters.

Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан кейин эълон қилинган ҳукумат баёнотига кўра, Япония, шунингдек, илмий лаборатория каби Россиянинг 21 та субъектини жорий экспорт тақиқлари рўйхатига қўшди. Ўтган ҳафта G7 йиғилишида ташқи ишлар вазири томонидан эълон қилинган янги санкция чораларини расман маъқуллади.

Бундан ташқари, хабарда айтилишича, Токио ядровий қуролдан фойдаланиш эҳтимолидан «чуқур хавотирда».

Эслатиб ўтамиз, Россия Япония билан Жанубий Курил оролларига соддалаштирилган ташриф бўйича келишувни бекор қилди. Япония ташқи ишлар вазири Есимаса Хаяси бу қарорни «мутлақо қабул қилиб бўлмас» деб атади.