Эрдўғон Запороже атом электр станцияси масаласида воситачилик қилишни таклиф қилди

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Запороже атом электр станцияси масаласида «дон келишуви»да қандай бўлгани мисолида Туркияни воситачи қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда у Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти чоғида маълум қилди, деб ёзади Anadolu Agency.

Туркия президенти ҳузуридаги алоқа департаментининг хабар беришича, Эрдўғон ва Путин минтақавий масалалар, хусусан, дон экспортини ривожлантириш, Запороже атом электр станциясидаги вазият, шунингдек, Туркия-Россия муносабатларини муҳокама қилган.

Эрдўғон Путин билан суҳбатда Туркия «дон келишуви»да бўлгани каби Запороже атом электр станцияси масаласида воситачилик ролини ўйнаши мумкинлигини айтди.

Эрдўғон ва Путин 15-16 сентабр кунлари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити муносабати билан учрашадиган Самарқанддаги учрашувда бу масалаларнинг барчасини батафсил муҳокама қилишга келишиб олди.

Аввалроқ Туркия ва Россия президентлари Запороже атом электр станциясидаги вазият ва ғалла бўйича келишувнинг боришини муҳокама қилгани хабар қилинганди.