Эрон норозиликлардан кейин ҳижоб қонунини қайта кўриб чиқади

Эрон мамлакатнинг амалдаги қонунчилигига аёлларнинг ҳижоб ўраши шарти бўйича ўзгартириш киритмоқчи, деди Эрон бош прокурори Мохаммад Жафар Монтазери. Бу ҳақда The Guardian ёзмоқда.

«Парламент ҳам, суд тизими ҳам тегишли қонунга ўзгартиришлар киритиш масаласи устида ишламоқда», — деди бош прокурор. Бироқ у қонунда нима ўзгартириш мумкинлигига аниқлик киритмади.

Бош прокурорнинг сўзларига кўра, ишчи гуруҳ аллақачон бир неча йиғилиш ўтказган ва қонун бўйича қарор «бир-икки ҳафта ичида» қабул қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 16-сентабр куни Эронда «ахлоқ полицияси» томонидан ҳижобни нотўғри кийганликда айбланиб ҳибсга олинган қизнинг ўлими туфайли норозилик намойишлари бошланган эди.

17 октабр куни Европа Иттифоқи ҳукуматнинг норозилик намойишларини бостиргани сабабли 11 Эронлик ва тўрт ташкилот, жумладан, мамлакатнинг ахлоқий полицияси ва унинг кибермудофаа қўмондонлиги ҳамда бир вазирга нисбатан санкциялар киритди.