Эстония АҚШ билан HIMARSни сотиб олишга келишиб олди

АҚШдан HIMARS сотиб олиш бўйича шартноманинг умумий қиймати 200 миллион доллардан ортиқни ташкил қилади. Бу Эстония тарихидаги энг йирик мудофаа харидидир.

Эстония Давлат мудофаа инвестиция маркази (KRIK) бош директори Магнус-Валдемар Саар АҚШ Мудофаа ва хавфсизлик бўйича ҳамкорлик агентлиги (DSCA) билан HIMARS баробар учирувчи ракета тизимларини сотиб олиш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда 3-декабр, шанба куни ERR радио эшиттириш портали маълум қилди.

Шартноманинг умумий қиймати 200 миллион доллардан ортиқ экани айтилмоқда. Бу Эстония тарихидаги энг йирик мудофаа харидидир.

«Тўплам 70 дан 300 километргача учадиган ракеталарни ўз ичига олади», деди Мудофаа инвестиция марказининг қуролланиш бўлими раҳбари Рамил Липп.

Келишув доирасида Эстония РСЗОдан ташқари ўқ-дорилар ва алоқа ускуналарини ҳам сотиб олади. Шартнома шунингдек, кадрлар тайёрлаш ва логистика билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишни ўз ичига олади.

Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти Эстонияга олтита HIMARS тизимини сотишни маъқуллагани хабар қилинганди. Етказиб бериш, шунингдек, турли хил ракеталарни, жумладан, 300 километргача бўлган масофадаги нишонларга зарба берадиган тезкор-тактик ATACMSларни ҳам ўз ичига олади. Аммо кейин шартнома қиймати 500 миллион долларга баҳоланган.

Шунингдек, HIMARSни Литва ва Латвия сотиб олиши ҳақида хабар берилди.