Эстония Польшага ракета ҳужуми мавзусида фавқулодда йиғилиш ўтказди

Эстония ҳукумати Польшадаги ракета қулаши ортидан хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказди.
Натижада Таллин Эстонияга ҳозирча тўғридан-тўғри таҳдид йўқ деган хулосага келди, деб ёзади ERR.

«Чоршанба куни биз ҳукумат билан ҳозир нимадир қилишимиз керакми ёки йўқлигини муҳокама қилдик. Бизнинг чегараларимизда ҳозир тўғридан-тўғри ҳарбий таҳдид йўқ. Бу уруш Европадаги барчага таъсир қилиши аниқ, у бизга инфляция, юқори энергия ресурслари нархлари орқали таъсир қилади, лекин у кўпроқ Украинага қўшни давлатларга таъсир қилади», деди Эстония Бош вазири Кая Каллас.

Эстония мудофаа вазири Ханно Певкурнинг сўзларига кўра, ҳозирча қўшимча машғулотларга ёки мудофаа қобилиятини режадан ташқари оширишга эҳтиёж йўқ.

«Ҳозир бунга ҳожат йўқ, чунки қўшимча машқларни бундай ҳолатлар билан боғлаб бўлмайди. Агар бундай ҳолатлар қандайдир чоралар ёки қадамларни талаб қилса, унда гап умуман машқлар ҳақида бўлмайди, биз бошқача ҳаракат қиламиз», – деди Певкур.

Бундан ташқари, Эстония ҳукумати Украинага янада кўпроқ ёрдам кўрсатиш зарурлигига яна бир бор ишонч билдирди. Ташқи ишлар вазири Урмас Реинсалунинг сўзларига кўра, бу биринчи навбатда қурол-яроғ етказиб бериш ҳажмини оширишда ифодаланиши керак.