Эстония Россия билан чегарада девор қуришни бошлади

Полша-Беларус чегарасидаги муҳожирлар билан боғлиқ вазият фонида Эстония ҳукумати Россия билан чегарада 115 км узунликдаги вақтинчалик тўсиқлар ўрнатишга қарор қилди.

Бу ҳақда 20-ноябр, шанба куни Шарқий префектура оператив штаб бошлиғи Урмас Элм маълум қилди.

Тўсиқлар биринчи навбатда мамлакат шимоли-шарқидаги Нарвада ҳамда республика жануби-шарқидаги Пиуса дарёси бўйида ўрнатилади, дея тасдиқлади полиция ва чегара қўриқлаш бошқармаси бош директорининг чегара бўйича ўринбосари Эгерт Беличев.

Чегарада юқори технологияли ускуналар, хусусан, электрон хавфсизлик тизимини ўрнатиш режалаштирилган. Бундан ташқари, бу ерда дронлардан фойдаланилади ва ҳар қандай кесиб ўтиш сенсорлар томонидан қайд этилади, дея огоҳлантиради Эстония расмийлари.

Чегаранинг қарийб 90 километри учун баландлиги 2,5 метр бўлган панжара қуриш ҳам режалаштирилган.