Канада расмийлари Украинага 1,5 миллиард доллар ажратишни режалаштирмоқда

Канада ҳукумати 2022-2023 йилларга мўлжалланган янги бюджетни парламентга тақдим этди, унда Украинага қуролланиш ва иқтисодиётни тиклаш учун 1,5 миллиард доллар ажратиш кўзда тутилган.

Бу ҳақда канадалик депутат Иван Бейкер Twitter да маълум қилди.

«Канада молия вазири Кристиа Фриланд Канада федерал бюджетини тақдим этди. Унда 2022-2023 йилларда Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун қўшимча 500 миллион доллар ва Украина учун 1 миллиард долларгача янги кредит ресурслари мавжуд. Канада украиналиклар ғалаба қозонгунича улар ёнида бўлади, – деди Бейкер.

Фриланд, шунингдек, ўзининг Twitter саҳифасида Канада ҳукумати Россия агрессияси бошланишидан олдин ҳам бу ёрдам устида иш бошлаганини қўшимча қилди.

«Биз ушбу бюджет устида иш бошлаган биринчи кундан бошлаб, бу ўсиш дастури доимо диққатимиз марказида бўлди. Ва кейин Владимир Путин Украинага бостириб кирди», деди у.