Канада россиялик олигарх Абрамовичнинг активларини мусодара қилишни бошлади

Канада россиялик олигарх Роман Абрамовичга тегишли Granite Capital Holdings Ltd.дан 26 миллион доллар мусодара қилади. Бу ҳақда 19-декабр, душанба куни ташқи ишлар вазири Мелани Жоли маълум қилди, деб хабар беради Канада ҳукумати матбуот хизмати.

Ҳисоботда, шунингдек, «Канада ҳукуматга санксия қўйилган шахсларга тегишли активларни мусодара қилишга рухсат бериш учун ўзининг янги ваколатларидан биринчи марта фойдаланаётгани» қайд этилган.

Шу тариқа, Канада ташқи ишлар вазирлиги раҳбари энди судга мол-мулкни якуний мусодара қилиш учун ариза бериш масаласини кўриб чиқади.

«Мусодара қилинган тақдирда, олинган маблағлар Украинани тиклаш ва Путин режимининг ноқонуний ва асоссиз босқинидан жабрланганларга товон тўлаш учун ишлатилиши мумкин», деб қўшимча қилади улар.

Матбуот хизмати, шунингдек, Оттава G7 давлатлари ҳукуматлари орасида биринчи бўлиб бундай чораларни киритганини ва шу билан Украинага ва уни қайта тиклашга содиқлигини намойиш этганини қўшимча қилди.

«Уруш бошланганидан бери биз Путин ва унинг ҳамкорларини ўз ҳаракатларининг оқибатларидан яшира олмаслиги ҳақида огоҳлантирмоқдамиз. Жазосизлик ҳеч қачон вариант бўлмаган ва Канада Россия режимига босим ўтказишда давом этади. Путиннинг Украинага ваҳшийларча бостириб киришидан фойда кўрганлар.Украиналиклар ўз қонуний ерларини қайтариш учун мардонавор курашни давом эттираётгани учун биз Украинани қанча вақт керак бўлса шунча, қўллаб-қувватлаш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлаймиз», — деди Жоли.

Бош вазир ўринбосари – молия вазири Кристиа Фриланд «Россиянинг Украинага ноқонуний ва ваҳшийларча бостириб киришида Путиннинг олигархлари алоқадор», деб таъкидлади.

«Канада уларнинг ноқонуний даромадлари учун хавфсиз бошпана бўлмайди ва бугунги эълон бизнинг рус элитаси Путиннинг шафқатсиз режимини қўллаб-қувватлаганлиги учун ҳақ тўлашига қатъий ишончимизни кўрсатади. Россия активларидан Украинани қайта тиклашга ёрдам бериш адолатли ва мақсадга мувофиқдир»- деди у.

Аввал ёзганимиздек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Канада элчиси Алисон Ле Клерни чақириб, Россия элчисининг Канада Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиши муносабати билан унга норозилик билдирди. Рус департаменти расмий Оттаванинг «русофобияси» ва «ноанъанавий қадриятлар»ни тарғиб қилишдан ғазабланган.