КХДР раҳбари “дунёдаги энг қудратли ядровий куч” яратилганини маълум қилди

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин дунёдаги энг кучли ядровий салоҳиятга эга армия яратиш ниятида эканини айтди. Бу ҳақда 27-ноябр, шанба куни КХДР давлат ОАВларига таяниб, Рейтер хабар бермоқда.

Хабар қилинишича, Ким Чен Ин Шимолий Кореянинг яқинда учирилган энг йирик баллистик ракетасида иштирок этган ўнлаб ҳарбий зобитларни лавозимга кўтарган.

Бу эълон Ким Чен Ин янги “Хвасон-17” қитъалараро баллистик ракетаси синовларини текширгандан сўнг ва АҚШнинг ядровий таҳдидларига ядровий қурол билан қарши туришга ваъда берганидан кейин эълон қилинди.

Ядро кучларини яратиш давлат ва халқнинг қадр-қиммати ва суверенитетини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, “унинг пировард мақсади дунёдаги энг қудратли стратегик қудратга, бу асрда мисли кўрилмаган мутлақ қудратга эга бўлишдир”, деди КХДР раҳбари.

У “Хвасон-17”ни “дунёдаги энг қудратли стратегик қурол” деб атади ва бу Шимолий Кореянинг дунёнинг энг кучли армиясини қуришдаги қатъияти ва қобилиятини намойиш этишини айтди.

Шимолий кореялик олимлар “ядро каллакларини баллистик ракеталарга ўрнатиш технологиясини ишлаб чиқишда ажойиб сакрашга эришдилар”, деди Ким тафсилотларни келтирмасдан.

Синовда иштирок этган олимлар, муҳандислар, ҳарбийлар ва бошқаларга Ким улардан мамлакатнинг ядровий тўхтатувчи кучини жуда тез суръатлар билан кенгайтириш ва мустаҳкамлашда давом этишини кутаётганини айтди.

Улар ҳукмрон партияга содиқлик қасамёдини қабул қилиб, партия ва Кимнинг “мутлақ ҳокимияти”ни ҳимоя қилишга ваъда бериб, “бизнинг ракеталаримиз фақат улар кўрсатган йуналиш бўйича учади” дея таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 18-ноябр куни Шимолий Корея бир нечта жанговар каллакларни олиб юра оладиган ва 15 000 км гача масофага уча оладиган “Хвасон-17” қитъалараро баллистик ракетасини учирди. Бу АҚШ материкидаги исталган нуқтани уриш учун етарли.