КХШТ: Қозоғистон хорижий тўдалар босқинига қарши ёрдам сўради

Қозоғистон КХШТни мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш учун ёрдам кўрсатиш учун тинчликпарвар контингентини жўнатишга чақирди, деб хабар берди КХШТ матбуот хизмати.

«Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Котибияти Қозоғистон томонидан ёрдам сўраб мурожаат тушганини тасдиқлайди. Мурожаатда айтилишича, бу ҳолат хориждан тайёрланган бандит тузилмаларининг бостириб кириши сифатида баҳоланади», — деди КХШТ матбуот котиби Владимир Зайнетдинов.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон томони “КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши аъзолари билан маслаҳатлашувлар ўтказган ва КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларига Қозоғистон Республикасига ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаат юборган”.

“КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш мақсадида КХШТ Коллектив тинчликпарвар кучларини чекланган муддатга Қозоғистон Республикасига юбориш тўғрисида қарор қабул қилди”, — дея қўшимча қилди ташкилот матбуот хизмати.

Расмий маълумотларга кўра, КХШТ тинчликпарвар кучларининг умумий сони 3600 нафарга яқин. Бу контингентлар КХШТ тинчликпарвар операцияларида қатнашиш учун мўлжалланган. Тинчликпарвар кучларни жалб қилиш учун ташкилотга аъзо давлатлар ўз миллий қонунчилигига мувофиқ доимий асосда тинчликпарвар контингентларни ажратадилар.

КХШТга аъзо давлатларнинг тинчликпарвар контингентлари махсус тайёргарликдан ўтган ҳарбийлар, полиция (полиция) ва фуқаролик ходимлари, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар томонидан КХШТ тинчликпарвар кучларига тақдим этилган куч ва воситалардан иборат.

Россия Федерацияси Қуролли Кучларида Марказий ҳарбий округ таркибига кирувчи алоҳида тинчликпарвар бригадаси мавжуд бўлиб, у Самара вилоятида жойлаштирилган.

КХШТга Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон киради.

Аввалроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев ташкилотга аъзо давлатларга ёрдам сўраб мурожаат қилганини маълум қилганди. Бунга жавобан Арманистон бош вазири Никол Пашинян вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш мақсадида КХШТнинг Коллектив тинчликпарвар кучларини республикага юборишга қарор қилди. Пашинян ҳозирда КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши раиси ҳисобланади.

Қозоғистонда 2 январ куни Жанаўзен шаҳрида (Қозоғистон жануби-ғарбидаги Мангистау вилоятидаги шаҳар) суюлтирилган газ нархининг кескин ошишига қарши митинглар бошланди. Кейин улар иқтисодий ва сиёсий талаблар билан бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозилик намойишларига айланди. 4 ва 5 январ кунлари Олмаотада намойишчилар хавфсизлик кучлари билан тўқнашган. Ҳар икки томондан қурбонлар бор.

Бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Қозоғистондаги тартибсизликлар чоғида 317 нафар полициячи ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси яраланган, 8 киши ҳалок бўлган.