Киев маъмурияти шаҳар аҳолисидан уйлари ва бошпаналарини тарк этмасликни сўрайди

Украина пойтахти кўчаларида содир бўлган ҳарбий ҳаракатлар муносабати билан Киев давлат маъмурияти аҳолига уйларини тарк этмаслик, ҳаво ҳужуми содир бўлган тақдирда — бошпаналарда яширинишни сўраб мурожаат эълон қилди.

«Ҳозирда шаҳримиз кўчаларида жанглар кетмоқда. Илтимос, хотиржам бўлинг ва иложи борича эҳтиёт бўлинг! Бошпанангизда бўлсангиз, ҳозир уни ташлаб кетманг. Агар уйда бўлсангиз, деразага яқинлашманг, балконларга чикманг. Ёпиқ хонага, масалан, ҳаммомга яшириниб олинг ва ўзингизни вайроналардан шикастланмаслик учун бирор нарса билан ёпинг «, — дейилади Киев шаҳар давлат маъмурияти томонидан эълон қилинган тавсияларда.

Шаҳар мериясининг таъкидлашича, сирена (ҳаво ҳужуми сигнали) пайдо бўлган тақдирда дарҳол энг яқин бошпанага бориш керак.

Хабарда бошпана харитасига ҳавола мавжуд.

24-февралдан бошлаб Киевда комендантлик соати жорий этилди, у соат 22:00 дан 07:00 гача амал қилади.