Латвия руслар ва беларусларга яшаш учун рухсатнома беришдан бош тортмоқчи

31-март куни Латвия Сейми биринчи ўқишда “Имиграция тўғрисида”ги қонунга чет эл фуқароларининг, биринчи навбатда, Россия ва Беларус фуқароларининг Латвияда бўлишларига оид тузатишларни бир овоздан ма’қуллади.

Ҳужжат чет элликларнинг Латвияда доимий қолиши мумкин бўлган ҳолатларни чеклайди, деб ёзади Делфи.лв.

Қонун лойиҳасига кўра, 2023-йилнинг 30-июнига қадар Россия ва Беларус фуқароларига бирламчи вақтинчалик яшаш учун рухсатномалар бериш тўхтатилади. Истиснолар қонунда махсус назарда тутилган ҳолатлардир. Мисол учун, вақтинчалик ҳимоя, шунингдек, Латвия фуқароларининг турмуш ўртоқлари учун берилган бўлса, иш билан боғлиқ ҳолда бир йил давомида яшаш учун рухсат олиш мумкин.

Бундан ташқари, Латвия манфаатларига зид ҳаракат қилган, генотсид, уруш жиноятлари, тинчлик ва инсониятга қарши жиноятларни улуғлаган, инкор этган ёки оқлаган чет эл фуқаролари учун яшаш учун рухсатнома ёки визани бекор қилиш имконияти қўшилади.

“Иммиграция тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар шошилинч равишда икки парламент ўқишида қабул қилинади. Якуний ўқиш 7 апрел куни бўлиб ўтади, депутатлар эса қонун лойиҳасига ўзгартиришлар киритишлари мумкин.