Лукашенко Путин билан музокара қилиш учун Москвага учиб кетди

Александр Лукашенко Москвага учиб кетди, у ерда 11-март, жума куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашуви режалаштирилган.

Бу Лукашенко ва Путиннинг бир ойдан камроқ вақт ичида иккинчи юзма-юз учрашуви бўлади – аввалгиси 18-феврал куни Москвада бўлиб ўтган – ва Россия Украинада уруш бошлаганидан кейинги биринчи учрашув бўлади.

Охирги икки ҳафтада Украинадаги вазият ривожидан келиб чиқиб, икки давлат раҳбарлари яқин алоқада бўлди. Бу вақт ичида улар уч марта телефон орқали гаплашиб, Украинадаги вазият ва Москва ва Киев ўртасидаги музокараларни муҳокама қилишган.

Аввалроқ Украинада уруш бошланганидан кейин Беларус Ғарбнинг янги санкциялар объектига айланган эди. Шундай қилиб, мамлакат ҳарбий раҳбарияти чекловлар остида қолди. Бир қатор хорижий компаниялар Россия билан бирга Беларусдаги фаолиятини тўхтатишга қарор қилди ва Беларуснинг учта банки SWIFT тизимидан узилади.