Малида фуқаро автобусига ҳужум: 31 киши ҳалок бўлди

Бир гуруҳ қуролланган шахслар маҳаллий аҳолини бозорга олиб кетаётган автобусга ҳужум қилган. 31 киши отиб ташланди.

Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, автобус Сонго қишлоғидан 10 километр узоқликдаги Бандиагара бозорига йуналишда ҳаракатланаётганда ҳужумга учраган.

Қўшни Банкасс шаҳри мери Моулай Гуиндонинг сўзларига кўра, қуролланган одамлар “машинага қарата ўқ узган, шиналарини кесиб, одамларга қарата ўқ узган”.

У ва исмини ошкор қилишни истамаган бошқа бир маҳаллий амалдорнинг айтишича, камида 31 киши ҳалок бўлган, кўплар яраланган ёки бедарак йуқолган.

Аҳоли пунктлари “Ал-Қоида” ва “Исломий давлат”га алоқадор исёнчилар ҳаракат қилаётган Мопти вилояти марказида жойлашган.

Аввалроқ Малида террорчилар ҳарбийларга ҳужум қилгани маълум қилинганди – камида беш киши ҳалок бўлган, яна саккиз киши яраланган.