Донетск вилоятининг Мариупол шаҳрида 100 мингдан ортиқ тинч аҳоли очлик, сув ва иссиқлик этишмаслигидан азият чекмоқда.
Бу ҳақда 16-апрел, шанба куни БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) раҳбари Девид Бисли маълум қилди, деб ёзади “Америка Овози”.
Бислининг айтишича, БМТ Украинанинг урушдан вайрон бўлган ҳудудларини озиқ-овқат билан таъминлашга ҳаракат қилмоқда, бироқ инқироз тез ривожланиб бораётгани сабабли “кўп мураккабликлар бор”.
Унинг қайд этишича, Мариуполга киришни назорат қилаётган Россия қўшинлари Жаҳон озиқ-овқат дастури вакилларини шаҳарга киритмаган.
«Бу ҳалокатли вазият: одамлар очликдан ўлмоқда», деди Бисли.
Жаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари, шунингдек, Россия томонидан бошланган уруш туфайли юзага келган глобал озиқ-овқат тақчиллиги «Иккинчи жаҳон уруши давридан ҳам ошиб кетадиган оммавий миграцияга» олиб келиши мумкинлигини тахмин қилди.