Мексика Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралади

Мексика Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши, деди президент Андрес Мануэль Лопес Обрадор украиналикларни қўллаб-қувватлаган видеомурожаатида.

Аввалроқ мамлакат раҳбари бетараф бўлишга ҳаракат қилган ва Россияга қарши санкциялар қўллашдан бош тортган, деб хабар бермоқда Reuters.

«Биз Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватламаймиз, чунки биз босқинлардан азият чекдик», деди Мексика президенти Испания, Франция ва Американинг Мексикага бостириб киришини назарда тутиб.

Лопес Обрадор можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди. Унинг нутқи шу ҳафта Канада бош вазири Жастин Трюдо ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Леен томонидан украиналик қочқинлар ва ички кўчирилганлар учун маблағ тўплаш мақсадида бошланган тадбирда бўлди.

Шу билан бирга, бетарафлик сиёсатига қарамай, Мексика ҳукумати БМТнинг Россияни Украинадан ўз қўшинларини олиб чиқишга чақирувчи овоз беришини қўллаб-қувватлади. Россияни БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашидан чиқариш учун овоз беришда мамлакат бетараф қолди.