Намойишлар ортидан Бағдодга қўшинлар юборилди

Ироқ пойтахти Бағдодга парламентни фаоллар томонидан навбатдаги босиб олиниши муносабати билан қўшинлар юборилди. Бу ҳақда Ал-Ҳадатҳ телеканали хабар берди.

Мамлакат Мудофаа вазирлигида таъкидланганидек, хавфсизлик кучларининг вазифалари ҳар қандай хавфсизлик бузилиши ҳолатларига чек қўйиш, намойишчиларни, шунингдек, давлат ва хусусий мулкни ҳимоя қилишдан иборат.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, юқори лавозимдаги амалдорларнинг аксарияти аллақачон мамлакатни тарк этган. Бағдод марказига олиб борувчи йўлларнинг аксарияти ёпилган, кўчаларда полиция сиреналари эшитилмоқда. Қўшинлар шаҳарга кириб келган, хавфсизлик кучлари билан тўқнашувда 125 нафар намойишчи яралангани хабар қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шиа имоми Муқтада ас-Садр тарафдорлари Бағдоднинг алоҳида қўриқланадиган яшил зонасида жойлашган парламент биносига бостириб кирган эди. Улар Мувофиқлаштирувчи тузилма блокидан Мухаммад ал-Суданийнинг Ироқ бош вазири лавозимига кўрсатилишига қарши.

Намойишчилар барча талаблари бажарилмагунча парламент биносини тарк этмасликларини айтишди. Улардан асосийлари қонун чиқарувчи ҳокимиятни тарқатиб юбориш ва коррупцияга алоқадор шахслар бўлмайдиган ўтиш даври ҳукуматини яратишдир. Бундан ташқари, фаоллар Судялар олий кенгаши раҳбариятининг ўзгаришини талаб қилмоқда, бу эса, уларнинг фикрича, ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Ироқдаги воқеалар муносабати билан БМТ можаронинг барча томонларини кескинликни пасайтириш ва зўравонликдан қочишга чақиради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ироқда давом этаётган норозилик намойишларини хавотир билан кузатмоқда, бу эса кўплаб намойишчиларнинг жароҳатланишига сабаб бўлди, деди Антониу Гутерриш сўзловчиси.

БМТ низолашаётган томонлардан келишмовчиликларни четга суриб, самарали миллий ҳукумат тузишни сўрамоқда.