НАТО Бош котиби Россиянинг Украинага янги ҳужумлари ҳақида огоҳлантирди

НАТО бош котиби Енс Столтенберг Россия армиясининг Украинадаги янги ҳужумлари ҳақида огоҳлантирди: қўшинлар олиб кетилмаяпти, балки янги позицияларга ўтмоқда, деб ёзади Тҳе Guardian.

«Россия уларни Донбассдаги ҳужум учун қайта тўплаш, кучайтириш ва қайта жиҳозлашга ҳаракат қилмоқда. Биз [украиналикларга] кўпроқ азоб-уқубат келтирадиган янги ҳужум операцияларини кутмоқдамиз», — деди у.

Бош котибнинг таъкидлашича, алянс Москванинг Истанбулдаги музокаралардан сўнг ҳақиқий вазиятни пасайтиришга тайёрлигига шубҳа қилади, чунки Россия армиясининг Украинадаги дастлабки вазифалари ўзгармаган.

«Биз Россия вазифаларида ҳақиқий ўзгаришларни кўрмаяпмиз. Улар ўз мақсадларига ҳарбий йўл билан эришишда давом этмоқдалар», деб тушунтирди Столтенберг.

Унинг таъкидлашича, Россия Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига босим ўтказишда давом этмоқда, НАТО эса Украинага қурол етказиб беришда давом этади.

Аввалроқ Пентагон матбуот котиби Жон Кирби Россия Киев яқинида ўз қўшинларини қайта тўплаётгани ва бунинг ортидан мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам зарба берилиши мумкинлигини айтган эди. Америка разведкасининг фикрича, аскарларнинг чекиниши шунчаки жойни ўзгартириш эмас, балки қандайдир янги стратегиядир.

29 март куни Истанбулда Украина ва Россия томонлари ҳарбий можарони ҳал қилишни бошлашга келишиб олдилар. Шу куни Россия Мудофаа вазирлиги Киев ва Чернигов йўналишларида «ҳарбий ҳаракатлар интенсивлиги кескин пасайганини» эълон қилди.