НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселда Туркия, Финляндия ва Швеция дипломатлари билан учрашув ўтказишини айтди.
Бу ҳақда у АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди, деб хабар беради BBC.
Музокаралар давомида томонлар алянсни кенгайтириш масаласини муҳокама қилади.
«Биз Иттифоқдаги барча иттифоқчиларнинг хавфсизлик борасидаги ташвишларини инобатга олишимиз керак. Шу мақсадда мен яқин кунларда Брюсселда уч давлатнинг юқори мартабали вакиллари йиғилишини чақираман», — деди Столтенберг.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Швеция ва Финляндия вакиллари билан яқинда ўтказган музокараларига қарамай, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳамон НАТО кенгайишига розилик беришдан бош тортмоқда.