НАТО ва Россия Федерацияси Брюссел ва Москвадаги миссиялар ишини тиклайди – Столтенберг

Шимолий Атлантика алянсидаги иттифоқчилар батафсилроқ музокаралар олиб бориш учун Россия вакиллари билан алоқани тиклашдан манфаатдор.

НАТО ва Россия Брюссел ва Москвадаги миссияларини қайта фаоллаштиришга тайёр. Бу ҳақда 12-январ, чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.

Брюсселдаги музокаралар якунида Шимолий Атлантика алянси раҳбари музокаралар осон кечмагани, томонлар ўртасида жиддий келишмовчиликлар сақланиб қолганини айтди.

«НАТО иттифоқчилари ва Россия ўртасида жиддий тафовутлар сақланиб қолмоқда. Уларни бартараф этиш осон бўлмайди, бироқ НАТО иттифоқчилари ва Россиянинг бир столга ўтириб, муҳим мавзуларни муҳокама қилгани ижобий сигналдир», – деди Столтенберг.

НАТО бош котибининг қўшимча қилишича, НАТО иттифоқчилари Россия томони билан батафсилроқ музокаралар ўтказиш учун яна учрашишга тайёр.

“Оʻзаро ҳамкорликка келсак, НАТО иттифоқчилари фуқаролик ва ҳарбий алоқа каналларини ривожлантириш имкониятларини излаш, шунингдек, Москва ва Брюсселдаги ваколатхоналаримиз фаолиятини тиклаш имкониятларидан манфаатдор”, – деди Столтенберг.