Норвегия Россия нефтига эмбарго жорий қилди

2022-йил 5-декабрдан бошлаб Россия Федерациясидан хом нефтга, 2023-йил 5-февралдан эса нефт маҳсулотларига тўлиқ тақиқ кучга киради, деб хабар беради Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги.

Норвегия Россиядан нефт ва нефт маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаганини эълон қилди. Бу ҳақда Норвегия ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Хабар қилинишича, эмбарго Европа Иттифоқининг олтинчи санкциялар пакети доирасида жорий этилмоқда.

«Биз ҳукумат ва элитага босимни сақлаб қолиш учун Россияга қарши санкциялар бўйича ЕИни қўллаб-қувватлаймиз. Энди биз Россиядан Норвегияга денгиз орқали олиб кетиладиган нефт импортини тақиқлаяпмиз», – деди ташқи ишлар вазири Анникен Ҳуитфелдт.

Маълум қилинишича, тақиқлар маълум вақтдан кейин кучга киради: 2022-йилнинг 5-декабридан хом нефтга, 2023-йилнинг 5-февралидан эса нефт маҳсулотларига тўлиқ тақиқ амал қила бошлайди.

Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги санкциялар Россия Федерациясининг Украинадаги урушни молиялаштириш имкониятларини чеклашга қаратилгани ва Кремл режимининг асосий тарафдорларига қарши қаратилганини таъкидлади.

Аввалроқ Норвегия Украинага ускуна, эҳтиёт қисмлар ва ўқ-дорилар билан жиҳозланган 22 та М109 гаубицасини топширгани хабар қилинган эди.