Пекин Россиянинг Украинадаги мағлубиятидан хавотирда – Марказий разведка бошқармаси

Россиянинг Украинага ҳужуми, айниқса, Кремлнинг дастлабки режасининг барбод бўлиши Хитой етакчисини Си Цзиньпинни хавотирга солди. Бу ҳақда 17-декабр, шанба куни Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уилям Бернс Американинг ПБС телекомпаниясига берган интервюсида маълум қилди.

«Менимча, ҳеч бир хорижий давлат раҳбари Тайван ва бошқа мамлакатлардаги ўз амбициялари ҳақида ўйлар экан, бу урушга ва Россиянинг ёмон ҳарбий натижаларига Си Цзиньпиндан кўра кўпроқ эътибор бергани йўқ», — деди Бернс.

Унинг сўзларига кўра, Хитой раҳбариятининг Украинадаги урушга муносабатини кузатиш қизиқ эди, чунки кенг кўламли босқин бошланишидан бир неча ҳафта олдин Россия президенти Владимир Путин Пекин қишки Олимпия ўйинларида Си Цзиньпин билан учрашди ва улар «чексиз дўстлик»ни эълон қилдилар.

«Аммо маълум бўлишича, бу ҳамкорликнинг чегаралари бор, ҳеч бўлмаганда президент Си Путинга Украинадаги уруш пайтида сўраган ҳарбий ёрдам кўрсатишни истамаслиги нуқтаи назаридан», — қўшимча қилди Бернс.

Шу билан бирга, у «бир дақиқага ҳам» руслар ва хитойларнинг мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликка содиқлигини паст баҳолаб қўйишини таъкидлади.

У, шунингдек, Си Цзиньпин Россиядан келаётган таҳдидлар фонида ядро қуролидан фойдаланишдан хавотир билдирганини эслатиб ўтди.