Португалия электр энергияси ишлаб чиқариш учун кўмирдан воз кечди

Португалия ҳукумати электр энергияси ишлаб чиқаришда кўмирдан фойдаланишни тўхтатиш ва яшил энергияни ривожлантиришга қарор қилди.

Бу ҳақда AP хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Лиссабондан 150 километр узоқликда жойлашган Пего электр станцияси электр энергияси ишлаб чиқаришни тўхтатган. Шундай қилиб, Португалия электр энергиясини ишлаб чиқариш учун кўмир ёқишни тўхтатган тўртинчи Европа Иттифоқи давлати бўлди.

Департаментга кўра, Португалия сўнгги ўн йил ичида яшил энергияни ривожлантиришга катта миқдорда сармоя киритган.

Ушбу босқичда мамлакат ҳукумати Пего электр стансиясидан фойдаланишнинг бир нечта вариантларини кўриб чиқмоқда. Атроф-муҳит вазири Жоау Педро Матуша Фернандеснинг сўзларига кўра, вариантлардан бири биомассага ўтишдир.

Бошқа таклифлар орасида қуёш энергияси ва электромобиллар ишлаб чиқариш ҳам бор. Маълум қилинишича, таклифлар 17 январгача топширилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, октабр ойи охирида G20 етакчилари жорий йил охиригача хориждаги кўмирда ишлайдиган электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқаришни молиялаштиришни тўхтатишга ваъда беришган, бироқ етакчилар кўмирдан фойдаланишни рад этишнинг аниқ санасини номлашмаганди.

Бундан ташқари, Глазгодаги иқлим саммити чоғида иштирокчи давлатлар хавфли иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган янги келишувга эришдилар. Тарихда биринчи марта у энг кўп иссиқхона газларини чиқарадиган қазилма ёқилғи бўлган кўмирдан фойдаланишни қисқартириш бўйича аниқ режани ўз ичига олади.