Португалияда жазирама: ўрмон ёнғинлари авж олди

Ёнғинларда аллақачон ўнлаб одамлар жабрланган. Яқин кунларда эса мамлакатда 43 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда.

Сўнгги бир неча кун ичида Португалияда рўй берган кенг кўламли ўрмон ёнғинлари оқибатида камида 29 киши жабрланди. Бу ҳақда 10-июл, якшанба куни кечқурунDaily Mail нашри хабар берди.

Яраланганлар орасида 17 нафар тинч аҳоли ва 12 нафар ўт ўчирувчи ҳам бор. Португалиядаги ўрмон ёнғинларини ўчиришда жами 3000 дан ортиқ ўт ўчирувчи ва 60 дан ортиқ махсус самолётлар иштирок этмоқда.

Шу билан бирга, Португалияда ҳаво ҳарорати яқин келажакда фақат ўсади. Бу ҳафтада мамлакатда 43 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда.

Қўшни Испанияда ҳукумат мамлакат жануби-ғарбидаги ўрмон ёнғини туфайли профилактика мақсадида 30 кишини уйларидан эвакуация қилди. Эль-Ронкильо қишлоғидаги ёнғинни ўчириш учун вертолёт ва самолётлар кўмагида 115 нафарга яқин ўт ўчирувчи жўнатилди.