Путин шартларига кўра тинчлик бўлмайди – Германия ташқи ишлар вазири

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг айтишича, Украина ва Россия ўртасида Владимир Путин шартларига кўра тинчлик келишуви фақат янги урушга даъват бўлади.

«Ўт очишни тўхтатиш фақат биринчи қадам бўлиши мумкин. Биз тушунамизки, Россия ўз қўшинларини олиб чиқиб кетсагина санкциялар бекор қилиниши мумкин. Россия айтган шартлар асосида тинчлик ўрнатиш Украинага ҳам, Европада ҳам бизга хавфсизлик олиб келмайди. Энг ёмон ҳолатда, бу шундай кейинги урушга таклиф бўлади – бизнинг чегараларимизга янада яқинроқ «, деди у Bild am Sonntag нашрига берган интервюсида.

Бербок Путиннинг ҳеч бир ваъдасига ишонмаслигини айтади.

«Европада биз билган тинч тартибни Путин орқага қайтариб бўлмас даражада бузиб ташлади. Қанчалик хоҳласак ҳам, 24-февралгача бўлган даврга қайтишга йўл йўқ. Биз энди ҳеч қачон фақат Путиннинг ваъдаларига таянолмаймиз», – деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, Украина ўз қарорларини қабул қила оладиган даражада кучли бўлишига ёрдам бериш керак.

«Ахир, бу урушда ҳалок бўлаётган украиналиклар ва уларга Россия босқинчилиги остида зулм таҳдид солмоқда. Ҳеч кимнинг уларга буйруқ қилишга ҳаққи йўқ», – дейди Бурбок.