Россия армиясининг кучи тугамоқда, Украина ҳужумга ўтиши мумкин – МИ6

Британия ташқи разведкаси МИ6 раҳбари Ричард Мурнинг таъкидлашича, келгуси бир ой ичида рус қўшинлари фронтга янги қўшинлар ва қуролларни жўнатиш тобора қийинлашади. Унинг фикрича, Украина учун бу қарши ҳужум учун ойна пайдо бўлишини англатади.

“Ўйлайманки, улар тез орада тўхтайди. Улар қандайдир пауза қилишларига тўғри келади ва бу украиналикларга зарба бериш имкониятини беради”, — деди Мур Аспендаги (АҚШ, Колорадо штати) хавфсизлик форуми чоғида.

МИ6 раҳбари буни Россиянинг Украина президентини лавозимидан четлатиш, Киевни эгаллаб олиш ва Ғарбда низо уруғлантиришдек асл мақсадларига эриша олмаганини эпик муваффақиятсизлик деб атади. У Россия босқинини Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европадаги энг даҳшатли, яширин босқинчилик ҳаракати деб атади.

Июл ойи бошида Лисичанск қўлга киритилгач, Россия армияси оператив пауза эълон қилди, бироқ бир неча кун олдин Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу қўшинларга амалиётларни фаоллаштиришни буюрди. Охирги қарийб уч ҳафта давомида Россия ҳарбийлари, жумладан, асосий кучлари жамланган Донецк ва Луганск вилоятларида ҳам муваффақиятга эриша олмади.

Украина ва унинг иттифоқчилари Россия армиясининг заифлашишини Ғарб давлатлари, биринчи навбатда, АҚШ томонидан етказиб берилган узоқ масофали артиллериядан фойдаланиш билан боғлайди. Хусусан, HIMARS кўп учирувчи ракета тизими Украина Қуролли Кучларига Россия ўқ-дорилар омборлари ва базаларига зарба бериш ва шу тариқа Москванинг ўқ отиш кучи бўйича мутлақ устунлигини бузиш имконини беради.

Аспендаги форумда Мур, шунингдек, Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уилям Бернс томонидан айтилган 15 минг кишидан иборат Россия армиясининг йуқотишлари ҳақидаги рақамларни тасдиқлади. Бироқ, Мур бундай маълумотларни «эҳтимол консерватив ҳисоблар» деб атади.

“Бу улар 1980-йилларда Афғонистонда 10 йил давомида (урушнинг) йуқотган сонига тенг. Булар эса Санкт-Петербург ёки Москвадаги ўрта синф йигитлари эмас. Булар Сибирнинг ишчи шаҳарларидан келган камбағал йигитлар. Улар орасида миллий озчиликлар вакиллари номутаносиб равишда кўп. Бу тўп еми, – деди Мур.

Бернсга кўра, Россия армияси Украинадаги урушда яна 45 мингга яқин ярадорини йуқотган.

Украина Россия армиясининг ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилари сонини 38,5 мингдан ортиқ киши деб ҳисоблайди. Россия ўз йуқотишлари сонини охирги марта 25 март куни эълон қилди: ўшанда урушда 1,3 мингга яқин одам ҳалок бўлгани айтилган эди, аммо экспертлар бу рақам аниқ кам баҳоланган деб ҳисоблашади.