Россия Грузиянинг босиб олинган ҳудудлари аҳолисини сафарбар қилиши мумкин – ОАВ

Кремл Украина билан урушга нафақат россияликларни, балки ўзини ўзи эълон қилган «республика» Абхазия ва Жанубий Осетия фуқароларини ҳам сафарбар этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Медуза 24-сентабр, шанба куни Россия Федерацияси президенти маъмуриятига яқин манбага таяниб ёзди.

Манбага кўра, Абхазия ва Жанубий Осетиядан бир неча минг киши мажбурий равишда чақирилиши мумкин.

Дунёнинг аксарият давлатлари Абхазия ва Жанубий Осетияни Грузия ҳудуди деб билади. Бу ҳудуд 2008 йилда рус аскарлари томонидан босиб олинган. Бу республикаларнинг маъмуриятлари Кремл томонидан назорат қилинади.

Маълумки, 21-сентабр куни Россия президенти Владимир Путин россиялик ҳарбий хизматчиларни захирага сафарбар қилиш ҳақида маълум қилган эди. Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу 300 мингга яқин одамни сафарбар қилишни режалаштирганликларини айтди.

Ўз навбатида, Украина Ички ишлар вазирлиги Россияда сафарбарликнинг биринчи тўлқини пайтида 40-50 мингга яқин заҳирадагилар чақирилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда, чунки кўпроқ жиҳозлар етарли бўлмайди.