Россиянинг Белгород шаҳридаги нефт омбори ёниб кетди

Чегара шаҳарчасидаги ўқ-дорилар омборидаги портлашлардан уч кун ўтиб, янги фавқулодда вазият юзага келди.

Россиянинг Украина билан чегарасига яқин жойлашган Белгород шаҳрида нефт базасида кучли ёнғин содир бўлди.

Бу ҳақда 1-апрел, жума куни эрталаб Белгород вилояти раҳбари Вячеслав Гладков маълум қилди.

«Белгород шаҳридаги нефт базасида ёнғин содир бўлди. Воқеа жойига барча фавқулодда хизматлар жўнаб кетди. Уни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда», деб ёзади у.

Тез орада Гладковнинг аниқлик киритишича, фавқулодда ҳолат натижасида базанинг икки ходими жароҳатланган. Учта кўча аҳолиси бошқа жойга кўчирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 29-март куни кечқурун Белгород чеккасида ўқ-дорилар омбори ёниб кетган эди. Оқибатда тўрт нафар россиялик ҳарбий жароҳатланган.

Россия матбуотининг ёзишича, ёнғин ва ундан кейинги портлашларга «инсон омили» сабаб бўлган.

Шу билан бирга, Украина Қуролли кучлари омбордаги ҳодиса россиялик ҳарбий хизматларининг эскирган ўқ-дорилардан «одатий фойдаланиши» натижасида юзага келганини маълум қилди.