Сербия Россия энергия манбаларига муқобил изламоқда

Сербияда Россия энергия манбаларига муқобил бўлиш ва келгуси ойларда кутилаётган Россиядан етказиб бериш танқислигини бартараф этиш учун етарли маблағ бор. Бу ҳақда 29-август, душанба куни Сербия президенти Александр Вучич маълум қилди, деб ёзади Reuters.

«Биз Европа заминидаги уруш нархини тўлашимиз керак», деди Вучич.

Сербия президентининг сўзларига кўра, мамлакатдаги газ омборлари шу даражада тўлдирилганки, агар қўшни Венгриядаги шартномавий захиралардан ҳам фойдаланилса, заҳиралар 60 кунга етади.

Шу билан бирга, у Сербия Ироқ ва Венесуэладан нефт олиш имкониятини кўриб чиқаётганини таъкидлади. Шунингдек, у мамлакат Индонезиядан кўмир сотиб олишга ҳаракат қилишини қўшимча қилди. Вучич, шунингдек, 2023-йилда Озарбайжондан нефт импорт қилиш режаларини ҳам маълум қилди.

Сербия, шунингдек, мамлакат электр энергиясининг деярли 70 фоизини таъминлайдиган иссиқлик электр станциялари учун қўшимча кўмир сотиб олишга муҳтож.

Эслатиб ўтамиз, Еврокомиссия электр энергияси нархининг кескин ошишини чеклаш бўйича шошилинч чоралар ҳақида гапира бошлади.