Шаҳар чеккасида қурилиш савдо маркази ёниб кетди, ҳеч ким жабрланмади

Москва яқинидаги савдо марказида ёнғин содир бўлиб, 17 минг квадрат метр майдонни қамраб олди.

Бу ҳақда 9 декабр куни «Интерфакс» агентлиги Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб хабар берди.

Аввалига ёнғин бинонинг томини қамраб олган, сўнгра 17 минг квадрат метр майдонга ёйилган. Бўёқ ва лак материаллари портлаган. Оқибатда дўконнинг томи қулаб тушган.

Фавқулодда хизматлар агентликка аниқлик киритишича, ҳодисанинг турли хил версиялари, шу жумладан техник версиялари кўриб чиқилмоқда – электр тармоғидаги қисқа туташув, шунингдек қасддан қилинган ҳаракатлар.

Айни вақтда маълумотларга кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ.

Москва вилояти прокуратураси ёнғин юзасидан текширув ўтказмоқда.