Шимолий Корея Ақш билан ҳарбий можарога тайёр – Ким Чен Ин

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Пхенян Ақш билан ҳар қандай ҳарбий можарога тўлиқ тайёр эканини айтди ва Жанубий Кореяга таҳдид қилди. Бу ҳақда 28 июл куни КХДР давлат ОАВларига таяниб, Ёнхап агентлиги хабар берди.

«Шимолий Корея Қўшма Штатлар билан ҳар қандай ҳарбий тўқнашувга тўлиқ тайёр эканини яна бир бор аниқ айтаман», — деди Ким Чен Ин 1950-1953 йиллардаги Корея урушидаги сулҳнинг 69 йиллигига бағишланган тадбирда.

КХДР раҳбари, шунингдек, Жанубий Корея президенти Юн Сок Йўлни Жанубий Корея ҳарбийлари «хавфли уриниш» қилса, йўқ қилинишидан огоҳлантирди.

«Агар Жанубий Корея режими ва ҳарбий безорилар бизга ҳужум қилишни ўйлашса ва маълум ҳарбий воситалар ёки усулларга асосланиб, бизнинг ҳарбий қудратимизнинг бир қисмини олдиндан зарарсизлантириш ёки йўқ қилиш мумкинлигига ишонса, улар хато қилади», — деди Шимолий Корея раҳбари.

Аввалроқ Шимолий Корея Ақш ва Жанубий Кореяни «иккинчи Корея уруши»га олиб келиши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатларни қўзғатаётганликда айблаган эди.